Colorfrog
2018-10-04 11:41:26

Пойтахтимизда мамлакатимиз Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси ташкилотчилигида Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмасининг ўн бешинчи халқаро анжумани бўлиб ўтди.
Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмаси Евроосиёнинг 14 та мамлакатидаги 15 та марказий депозитарийни ўзида бирлаштирган тузилма бўлиб, унинг асосий мақсади депозитар фаолиятни ривожлантириш ва такомиллаштириш, ушбу жўғрофий майдонда ягона “депозитар сатҳ” яратиш, МДҲ мамлакатлари марказий депозитарийларининг қимматли қоғозлар билан битимлар бўйича ҳисоб-китобларининг умумжаҳон тизимига киришини таъминлаш ҳисобланади.
Халқаро анжуманда уюшмага аъзо марказий депозитарийларнинг, халқаро марказий депозитарийларнинг, қимматли қоғозлар бозори мувофиқлаштирувчиларининг, инвестиция банкларининг, SWIFT ва рейтинг агентликларининг вакиллари, мамлакатимизнинг бир қатор вазирлик ва идоралари вакиллари, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари қатнашди.
Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмасининг 15-халқаро анжумани “Ташқи бозорларга чиқиш: тўсиқлар ва имкониятлар” мавзусига бағишланган бўлиб, уни Тошкентда ўтказишдан учта асосий мақсад кўзланган. Биринчидан, Ўзбекистонда сўнгги икки йилда иқтисодиётнинг барча жабҳаларида, жумладан, қимматли қоғозлар бозорида ҳам олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни билан анжуман иштирокчиларини яқиндан таништириш. Иккинчидан, ривожланган хорижий фонд бозорларининг илғор йўналишларини, уларнинг амалда татбиқ этилган, синалган стандартларини, тартиб-таомилларини, ҳуқуқий меъёрларини, тажриба ва амалиётларини ўрганиш ҳамда Ўзбекис­тонда жорий этиш учун тегишли чоралар кўриш. Учинчидан, Ўзбекистоннинг миллий капитал бозорини янги босқичга кўтариш, республикамизни ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган капитални жалб қилиш ҳамда корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба сифатида фонд бозорини равнақ топтириш.
Шундан келиб чиқиб, анжуманнинг биринчи кунида мамлакатимиз фонд бозоридаги ислоҳот ҳақида тақдимот намойиш этилди. Шунингдек, трансчегаравий инвес­тицияни амалга оширишда марказий депозитарийларнинг ўрни, трансчегаравий ҳамкорликнинг қонунчилик асослари, қимматли қоғозлар халқаро бозорининг инструментлари, бизнесни диверсификациялашга инновацион ёндашув, сармоядорларнинг ҳуқуқлари ва активларнинг сақланишини ҳимоя қилиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Анжуманнинг иккинчи кунида эса Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмасининг йиллик ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Унинг доирасида уюшма фаолиятига доир масалалар, шу жумладан, 2017 йил якунлари кўриб чиқилди.
Халқаро анжуман якунида мамлакатимиз Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси билан Туркия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон марказий депозитарийлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Замира ТОЖИЕВА.

Реквизиты

  • Р/с: 20208000900202634001
  • Ўз СҚБ МАМФ МФО 00442
  • ОКЭД: 58130
  • СТИР: 207178693

Контакты

  • 100066, Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 55-уй
  • (0-371) 239-42-29, 259-21-45
  • (0-371) 259-22-06
  • info@bdm.uz