Colorfrog
2018-07-27 11:11:36

...Ёдимда, мен 3-синфни, опам эса 5-синфни тугатиб ёзги уч ойлик каникулга чиққан пайтимиз дадам меҳнат таътили олиб, Самарқандга оилавий саёҳат уюштиришни режалаштирдилар. Қадимий обидалари билан кишини мафтун этувчи бу шаҳарга поездда келганимиз, меҳмонхонада турганимиз, ҳар куни саҳардан маҳобатли ва мафтункор мақбараларни ҳайратланиб томоша қилишга ошиққанимиз кечагидай эсимда. Яна ёдимда қолгани: “Қўшниларга “мозор босди” улашамиз”, дея онам чиройли ва жимжимадор қилиб ёпилган нонлар, турли ширинликлар харид қилганди. Дадам эса пичоқчи усталар ишини ҳавас билан томоша қилдилар-да, биттасини сотиб олдилар, кулол-ҳунармандлар ясаган 5-6 та нақшинкор сопол лаганни ҳам уйгача ўзлари авайлаб кўтариб келдилар. Чунки битта лаган шу қадар катта эдики, унга ош сузилса, йигирма киши бемалол тўярди! Ошналари йиғилганда бир-икки марта ишлатилган, хонадонимизда эсдалик сифатида сақланган ўша лаганни вафотларидан олдинроқ туманимиз чойхонасига туҳфа қилдилар, ундан одамлар баҳраманд бўлсин, дедилар...
Бу бизнинг биринчи оилавий саё¬ҳатимиз эди. Ҳалигача Регистонда тушган оилавий суратларимизни қайта-қайта томоша қилиб, ўша мароқли саёҳат кунларини завқ билан эслаб қўямиз. XXI асрга келиб туризм дунё бўйи¬ча тезкор ривожланишдаги соҳага айланди. Айни пайтда сайёҳлик саноати жаҳондаги энг сердаромад соҳалардан бири саналади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунга келиб дунёда 200 миллионга яқин киши айнан шу соҳада меҳнат қилади. Жаҳон иқтисодиётида халқаро сайёҳликдан тушаётган даромад 1 триллион доллардан кўпроқни ташкил этади. Дунё бўйича сайёҳлар сони йилига 4-5 фоиз ортмоқда. Бошқа давлатларга саёҳат қилувчилар сони эса аллақачон 1 миллиарддан ошган.
Ўзбекистон жуда катта тарихий-маданий меросга эга. Мамлакатимизда 7000 дан зиёд қадимий ва бетакрор меъморий обида, археологик ёдгорлик мавжуд. Уларнинг асосий қисми Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларида жойлашган бўлиб, 200 дан ортиқ тарихий ёдгорлик ва обидамиз ЮНЕСКО¬нинг жаҳон маданий мероси дурдоналари рўйхатига киритилган.
Бугунги кунда 800 дан зиёд сайёҳлик ташкилоти фаолият кўрсатаётган мамлакатимизда 600 дан ортиқ замонавий меҳмонхона, сайёҳлик базаси ва кемпинг мавжуд. Қайд этиш жоиз, йил сайин дам олиш масканлари кўпайиб, хизмат кўрсатиш тури ва сифати юксалиб боряпти. Мамлакатимизда фаолият юритаётган 11 та халқаро аэропорт энг замонавий авиа¬лайнерларни ҳам қабул қила олади. Самолётлар Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Американинг 50 дан ортиқ шаҳрига мунтазам парвоз қилади.
Юртимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, кўп йиллар давомида бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмади. Турли тўсиқ ва чекловлардан иборат объектив сабабларга кўра, ушбу даромадли соҳага етарлича эътибор қаратилмади.
Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривож¬лантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, сайёҳлик мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги қарори билан 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Жорий йил февраль ойининг ўзида ушбу соҳага доир 4 та муҳим фармон ва қарор қабул қилинди. Буларнинг барчаси давлатимизнинг туризм соҳаси ривожига юксак эътибор қаратаётганидан далолатдир. Мазкур ҳужжатларда соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш ҳамда туризм салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, ички туризмни янада ривожлантириш юзасидан кўплаб имтиёз ва енгилликлар киритилди.
Жумладан, авваллари хорижий сайёҳларга юртимиздаги айрим жойларни суратга олиш тақиқланган ёки сайёҳларнинг SIM-карта олиши муаммо бўлган. Ёинки, хорижлик фуқаро ижарага машина олиши учун дастлаб ёзма равишда шартнома имзолаши, кейин нотариусга бориб уни тасдиқлатиши ва буларнинг барини давлат автомобиль инспекциясида рўйхатдан ўтказиши керак эди.
Айни пайтда бу каби тўсиқ ва чек¬ловларнинг деярли 90 фоизига барҳам берилди. Электрон виза жорий қилинди, виза тизимини янада соддалаштириш, шунингдек, хориж фуқароларини рўйхатдан ўтказиш меъёрлари мувофиқлаштирилмоқда. Инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, яъни меҳмонхоналар, ресторанлар, истироҳат боғлари ва туризм саноати билан боғлиқ барча объектлар, шунингдек, транспорт логистикаси каби масалаларга эътибор қаратил¬япти. Қолаверса, транзит йўловчиларга визасиз уч кун (72 соат) давомида Ўзбекистонда меҳмон бўлиш ва тарихий обидалар ҳамда миллий таомларимиздан баҳраманд бўлиш имкони яратилган.
Сайёҳ меҳмонга келиб, рўйхатдан ўтиш учун идоралараро югуриб юриши керак эмас. Бу муаммони ечиш учун E-mehmon электрон рўйхатдан ўтиш тизими жорий қилинмоқда. Унга кўра, агар сайёҳ меҳмонхона ёки хусусий хонадонга жойлашса, бу вазифани айнан шу меҳмонхона ходимлари ёки сайёҳ тўхтаган хонадон эгалари ўз зиммасига олади.
Аэропортларимиз минтақада гео¬график жиҳатдан жуда қулай жойлашган. Ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида авиаташувлар хизматлари нархи ҳамёнбоп бўлиб бормоқда, аэропортларда рақобатбардошлик муҳити яратиляпти.
Туризмга катта эътибор берилиши ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда. Айниқса, виза тизимининг бекор қилиниши ва соддалаштирилиши ҳамда хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тарғиботига доир қабул қилинган қарорлар ўз самарасини беряпти. Мутахассисларнинг қайд этишича, бугун туризмни ривожлантиришга доир кўрсаткичлар ижобий томонга ўзгарган. Визаларни бекор қилиш натижасида сайёҳларнинг умумий сони икки баравар, узоқ хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар эса 80 фоиз ошган.
Қайд этиш жоиз, шу йилнинг 10 февралидан Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Исроилдан келаётган сайёҳларга мамлакатимизда 30 кунгача визасиз юришга рухсат берилди. Шу билан бирга, 39 та мамлакат фуқароларига виза бериш тартиби соддалаштирилди. Мамлакатимизга келаётган сайёҳлар учун жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон виза бериш тартиби жорий этилгани, улар хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси этиб белгилангани ва бошқа чора-тадбирлар қисқа вақт ичида ўз самарасини бермай қолмади. 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг сайёҳ ташриф буюрди. 30 кунгача визасиз режим жорий қилинганидан сўнг эса икки кун ичида Исроилдан Ўзбекис¬тонга келиш учун бир неча ойлик авиачипталар сотиб бўлинди.
Туризмни ривожлантиришга мамлакатимиздаги хорижий мамлакатлар элчилари ҳам жалб қилинди. Улар вилоятларга бориб, юртимизнинг гўзал табиати, тарихий шаҳарларимиз, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларимиз билан яқиндан танишдилар. Натижада элчилар юртимиз туристик салоҳияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиб, бу соҳага катта қизиқиш билан қарамоқдалар.
Чет эл тажрибасини ўрганиш асосида Қарши аэропортида “Очиқ осмон” тизими жорий қилиниб, сайёҳларга кенг эркинлик яратилди. Бу каби тизим Навоий, Нукус, Андижон аэропортларида ҳам қўлланилиши кўзда тутилган. Тошкент шаҳридан ташқари Бухоро, Самарқанд, Урганч, Навоий ва Қарши шаҳарларидан ҳам яқин-¬узоқ мамлакатларга тўғридан-тўғри рейслар очилмоқда.
Шунингдек, қадимий шаҳарларда туну кун ишлайдиган сайёҳлик ҳудудлари, “Қадимий Бухоро” ва “Самарқанд сити” туристик зоналари ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Зиёрат туризми йўналишида зарур қулайликлар яратиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита таркибида зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилди. Юртимизда ислом дунёсида тан олинган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолар кўп. Вилоятларимизда нақшбандия тариқатини тарғиб қилган 12 нафар уламонинг қабри мавжуд. Айни пайтда Бухородаги Етти пир, Самарқанддаги Хўжа Аҳрор Валий каби 8 та зиёратгоҳ ободлаштириляпти. Сурхондарёдаги Муҳаммад Зоҳид Бухорий, Аловуддин Аттор ҳамда Қашқадарёдаги Муҳаммад Дарвеш, Муҳаммад Инганакий мақбараларини ободонлаштириш ҳам режалаштирилган.
Бу борада сайёҳлар, айниқса, қадимий ва доимо навқирон Самарқанд шаҳри яқинида жойлашган буюк муҳаддис Имом Бухорий маж¬муасига алоҳида қизиқиш билдирмоқдалар. Зеро, халқ орасида “Имом Бухорийни зиёрат қилиш ярим ҳаж билан баробардир”, деган гап бежиз айтилмаган.
Мамлакатимизда туризмни ривож¬лантиришга оид ислоҳотлар туфайли сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, тарихий ва маданий туризм, тиббий, этник, спорт йўналишлари, альпинизм каби кўплаб турлари изчил ривожлан¬япти. Ҳудудларимизда янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилиб, транспорт коммуникацияси ва хизмат кўрсатиш соҳаси яхшиланмоқда.
Айниқса, “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништиришни мақсад қилган ушбу ҳужжат орқали ички туризм тобора ривожланиб, кўп¬лаб юртдошларимизнинг мамлакат бўйлаб саёҳат қилишига кенг имкониятлар яратилди.
Аҳолимиз, айниқса, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларининг мамлакатимиз ҳудудларига саёҳатларини анъанага айлантириш, ташкилотлар касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан саёҳат учун харажатлар улушини ажратиш йўлга қўйилди.
Айни пайтда ички туризмни ривож¬лантириш асносида шаҳарлар бўйлаб уюштирилаётган саёҳатлар аҳолимиз, айниқса, ёшларимизда юртимизнинг бой маданий меросини, тарихи ва урф-одатларини яқиндан ўрганишга, улардаги ватанпарварлик, юртдан фахрланиш ҳиссини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос туристик жозибага эга. Сўлим қўриқхоналар ва миллий боғлар, ранг-баранг табиат манзаралари, кўп асрлик миллий маданият, санъат ва ҳунармандлик анъаналари, машҳур ўзбек таомлари ва пазандачилик сир-асрорлари билан яқиндан танишишни истовчилар учун юртимиз эшиклари ҳамиша очиқ.
Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА.
“Biznes Daily”.

Реквизиты

  • Р/с: 20208000900202634001
  • Ўз СҚБ МАМФ МФО 00442
  • ОКЭД: 58130
  • СТИР: 207178693

Контакты

  • 100066, Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 55-уй
  • (0-371) 239-42-29, 259-21-45
  • (0-371) 259-22-06
  • info@bdm.uz