Colorfrog
2018-06-22 13:15:58

Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартибини такомиллаштириш, уларни сотиш механизмлари ва тартиботлари самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат мулки объектларига доир битимларни тузишда оммавийлик ва шаффофликни таъминлаш йўлида яна бир қадам қўйилди.
Жорий йилнинг 16 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор қабул қилинди. Хўш, низомда нималар ўз аксини топган?
Электрон савдоларни ташкил этиш қоидалари
Низомга кўра, савдоларни ўтказиш учун сотувчи — Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари ҳамда ижарага берувчи — мазкур қўмитанинг ҳудудий органлари ҳузуридаги Давлат мулкини ижарага бериш марказлари томонидан бир қатор вазифалар бажарилади. Яъни улар, биринчидан, оператор — “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси билан бирга веб-порталда савдоларни ўтказиш бўйича электрон хизматлар кўрсатилиши юзасидан шартнома тузадилар. Иккинчидан, аукцион (танлов) санасини белгилайдилар. Учинчидан, очиқ аукцион (танлов) ўтказилишидан камида 30 кун олдин, объектларни ижарага бериш ҳолатларида эса камида 15 кун олдин “Biznes Daily Биржа” газетасида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг даврий матбуот нашрларида, шунингдек, ўзининг расмий веб-сайтида очиқ аукцион (танлов) тўғрисидаги билдиришномани эълон қилишади. Тўртинчидан, сотиладиган (ижарага бериладиган) давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ошкор этишади. Бешинчидан, операторга электрон ҳужжатларнинг намуналарини тақдим этишни таъминлашади ва веб-порталда жойлаштириш учун уларни расмийлаштириш тартибини тушунтиришади.
Шартномага мувофиқ, оператор — “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан ҳам бир неча йўналишдаги ишлар амалга оширилади. Хусусан, у талабгорлар ичидан аукцион (танлов) иштирокчиларининг рўйхатини шакллантиради. Кафолатланган закалатларни қабул қилади ва савдолар иштирокчиларига қайтаради, сотувчи ва ижарага берувчига савдоларда ғолиб бўлган иштирокчининг кафолатланган закалатини ўтказади (оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда). Электрон ҳужжатлар, электрон хабарлар, шу жумладан савдо иштирокчиларининг хабарларини сақлайди. Веб-порталда аукцион (танлов) якунлари тўғрисидаги ахборотни аукцион (танлов) ўтказилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида эълон қилади. “E-ijro auksion” веб-порталида электрон савдолар тўғрисидаги билдиришномани — объектларни сотиш ҳолатида аукцион (танлов) ўтказилишидан камида 30 кун олдин, объектларни ижарага беришда аукцион ўтказилишидан камида 15 кун олдин эълон қилади.
Давлат мулки объектларини аукционда сотиш
Аукцион иштирокчилари аукцион бошланишидан олдин бир соат мобайнида электрон рақамли имзодан фойдаланиб виртуал савдо майдончасига киришни амалга оширади. Аукцион савдолар у ҳақдаги билдиришномада кўрсатилган вақтда савдо майдончасида сотиладиган давлат мулки объектини бошланғич нархи бўйича автоматик тарзда жойлаштириш орқали бошланади. Аукцион мусабақа асосида, нархни ошириш тамойили бўйича, буюртманомалар бўлмаганда эса сотувчи билан келишилмаган ҳолда қонун ҳужжатларида ва ушбу низомда белгиланган тартибда нархни босқичма-босқич пасайтириш механизми автоматик тарзда қўлланилган тартибда ўтказилади.
Давлат мулки объектларини танлов асосида “ноль” харид қиймати бўйича сотиш
Иштирокчиларнинг танлов так­лифларини баҳолаш веб-портал орқали автоматик тарзда, савдолар ўтказилиши тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган сана ва вақтда амалга оширилади. Танлов таклифларини баҳолашда танловда иштирок этиш шартлари ва талабларига риоя этилгани, танлов шартларида кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги текширилади. Танлов таклифини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш баллар тизими бўйича бажарилади. Низомда қайд этилганидек, киритиладиган инвестициялар миқдорига жами 60 балл берилади. Шундан қурилиш монтаж ишлари 20 балл, ускуналар, техника ва технологиялар 25 балл, айланма воситалар (хом ашё, материаллар ва ҳ.) 10 балл, ободонлаштириш 5 балл, инвестиция мажбуриятларини бажариш муддати 5 балл, ижтимоий мажбуриятлар 35 балл, яратиладиган иш жойлари сони 30 балл, ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳажми 5 балл асосида баҳоланади.
Танлов таклифи танлов шартларига энг кўп даражада мувофиқ деб эътироф этилган иштирокчи ғолиб деб эълон қилинади.
Икки ва ундан ортиқ танлов таклифларининг баллари тенг бўлганда сотиладиган давлат мулки объектини камида бир йил давомида ижарага олган ижарачи бўлган иштирокчи (ушбу ҳолат буюртманомада кўрсатилиши шарт), бундай иштирокчи бўлмаган ҳолатда эса, буюртманомаси аввалроқ рўйхатдан ўтказилган иштирокчи ғолиб деб топилади.
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича аукцион
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича аукцион ўтказилишида бинолар ва иншоотлар йиллик ижара ҳақининг бошланғич нархи ушбу объект юзасидан белгиланган тартибда аниқланган ижара ҳақининг йиллик таянч ставкасига тенг бўлади.
Мол-мулкнинг бошқа турлари учун ижара тўлови ставкасининг бошланғич нархи — агар ижарага топширилаётган мулкдан амалда фойдаланилган муддат ундан самарали фойдаланиш муддатидан ортиқ бўлмаса ёки ушбу муддатга тенг бўлса ёхуд амалда фойдаланилган муддатни аниқлаш имкони бўлмаса мол-мулк тикланиш қийматининг 30 фоизи миқдорида, агар ижарага топширилаётган мол-мулк­дан амалда фойдаланилган муддат ундан самарали фойдаланиш муддатидан ортиқ бўлса мол-мулк тикланиш қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.
Ижара бўйича аукцион ҳам мусобақа асосида давлат мулки ижара ҳақининг нархини ошириш тамойилига таянилиб ўтказилади.

Реквизиты

  • Р/с: 20208000900202634001
  • Ўз СҚБ МАМФ МФО 00442
  • ОКЭД: 58130
  • СТИР: 207178693

Контакты

  • 100066, Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 55-уй
  • (0-371) 239-42-29, 259-21-45
  • (0-371) 259-22-06
  • info@bdm.uz