Colorfrog
2018-06-08 11:49:52

Мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилишнинг бугунги босқичидаги вазифаларни бажаришда илмий-методологик ишларнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу боисдан ҳам тегишли вазирлик ва идоралар таркибидаги илмий марказлар фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, уларнинг эътибори замонавий ахборот технологиялари ва инновацияларни қўллаган ҳолда иш юритишга қаратилмоқда.
Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш марказида ҳам айни ёндашувга таянилган ҳолда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан марказ директори ўринбосари Улуғбек Камалетдиновга мурожаат қилдик.
– Юклатилган вазифаларга кўра, яқинда марказ томонидан рақобат ва бозорни ривожлантириш бўйича “Alternatus” номли “Think Tank Networking” шаклидаги мақсадли мунозаралар майдони концепцияси ишлаб чиқилибди. Дастлаб “Think Tank Networking” тушунчаси ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– “Think Tank Networking” муваффақиятли фаолият юритаётган ва энди иш бошлаётган тадбиркорлар, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат органлари вакилларининг учрашув жойи, шунингдек, мутахассислар билан тор доирадаги масалалар юзасидан маслаҳатлашиб олиш, янги ғоя ва тажрибаларни алмашиш майдони. Бунда товар бозорларида соғлом рақобатни кучайтириш, бизнесни ривожлантириш, унинг миқёсини кенгайтириш имкониятлари ва муаммоларини тизимли аниқлаш бош мақсад саналади. Янги мулоқот майдонининг ташкил этилиши маъмурий ислоҳотлар концепциясининг соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, давлат ва тижорат манфаатлари ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиш билан боғлиқ йўналишларига мос келади. Шунингдек, жамоатчилик билан ҳамкорликнинг замонавий шакл ва мехнизмларини кенг қўллаш, товар бозорларида рақобатни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш жараёнида қайта алоқани шакллантириш, “ақлли бош¬қарув” моделини жорий этиш, рақобат бўйича қабул қилинадиган қарорларнинг бозорга кўрсатувчи таъсирини таҳлил қилиш услубиётини янгича стандартлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади. “Alternatus” нафақат манфаатдор кишиларни бир жойга тўплаш жойи сифатида, балки янгича фикрлаш намунаси, тадқиқотларни юритиш усули ҳам бўлиши керак. Бу майдон ёшларни давлат органлари, банклари ёки йирик компанияларда ишлашдан ташқари, бошқа фаолият турларига йўналштиришда, бизнес фикрлашга одатлантиришда ҳам қўл келади.
– Мазкур мулоқот орқали қандай мақсадларга эришиш мумкин?
– Биринчидан, иқтисодиёт ва тадбиркорликни барқарор ривожлантиришга тўсиқ бўлувчи муаммоларни бизнес вакиллари, илмий ходимлар ва давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан бевосита муҳокама қилиш, ўзаро манфаатлар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш ва тажриба алмашиш имконияти тақдим этилади.
Иккинчидан, иқтисодиёт ва бизнес соҳасида тадқиқотларни ўтказиш бўйича салоҳиятли ҳамкорлар иштирокида янги амалий алоқаларни йўлга қўйиш, мавжуд муносабатларни эса қўллаб-қувватлаш шароити яратилади.
Учинчидан, товар ва хизматлар бозорида рақобатни ривожлантиришнинг энг муҳим ва ўткир муаммоларини ечишнинг амалий усуллари биргаликда изланади.
Бундан ташқари, миллий иқтисодиётни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий топтиришнинг янги имкониятларини аниқлаш, рақобатни ривожлантиришнинг устувор йўналиш¬лари бўйича салоҳиятли маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг фикрларини олишда ҳам мазкур мулоқот майдони катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Умуман, “Alternatus” майдонида туғиладиган мақсадли тавсиялардан инновацион ғояларни ишлаб чиқиш ҳамда монополияга қарши тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, тармоқларда замонавий бошқарувни ташкиллаштиришни жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш чоғида фойдаланиш мумкин.
– Бу йўналишдаги ишлар қайси усулда амалга оширилади?
– Бу борада бир неча босқичли чоралар белгиланган. Биринчи босқичда қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилади. Бунда резидентлар томонидан муайян бозорда рақобатни ривожлантиришнинг мавжуд ечимлари таклиф этилади, мулоқот майдони иштирокчилари эса ақлий ҳужум орқали кўп сонли тадқиқотчилар, бизнес ва давлат органлари вакиллари тажрибаларининг умум йиғиндиси асосида ўз қарорларини тавсия қилишади. Хусусан, дастлабки мулоқот жорий йилнинг 9 июнь куни ўтиши мўлжалланган бўлиб, у мамлакатимизда “Ҳалол” белгиси остидаги товарлар бозорини ривожлантириш имкониятлари ва муаммолари мавзуига бағишланади.
Хўш, мазкур тадбирнинг мазмун-моҳияти нимадан иборат?
Марказ илмий ходими, халқаро эксперт Жаҳонгир Имомназаровдан шу ҳақда сўзлаб беришни сўрадик.
– Айтинг-чи, мамлакатимизда “Ҳалол” стандартини жорий қилиш борасида қандай имкониятлар мавжуд?
– Президентимизнинг 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, мамлакатимизда “Ҳалол” стандарти жорий этилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 20-асрнинг ўрталарида мусулмонлар дунё аҳолисининг 13,6 фоизини ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич тахминан 24 фоиздан иборат. Бинобарин, дунёда мусулмонлар сонининг йилдан-йилга ортиб бориши “Ҳалол” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг янада ошишига олиб келмоқда.
Масалан, Дубай амирлиги ҳукумати буюртмасига асосан АҚШнинг Thomson Reuters ҳамда Dinar Standard тадқиқот - консалтинг компаниялари томонидан ислом иқтисодиёти бўйича ўтказилган тадқиқотлар жаҳон “Ҳалол” маҳсулот ва хизматлар бозори яқин йиллар ичида йилига 6,5 фоиздан ортишини ва 2020 йилга келиб 2,6 триллион АҚШ долларга етишини кўрсатмоқда. Ушбу белги остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда бу йўналишнинг талаб даражасида ривожланмаганига “Ҳалол” саноати шарт ва талабларини яхши ўрганган технологлар ва тиббиёт-санитария йўналиши бўйича мутахассисларнинг йўқлиги асосий сабаб бўлиб турибди.
“Ҳалол” (яъни - рухсат этилган) тушунчаси – бу “ислом динида рухсат этилган маҳсулотлар“ дегани, “Ҳалол” стандартлари эса маҳсулотларни ислом дини талаблари бўйича ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва тамғалаш жараёнларига бўлган талаб¬ларни белгилайди.
“Нalal” араб атамасига нисбатан умумий методик кўрсатмалар “Кодекс Алиментариус” комиссиясининг 1997 йилдаги 22-сессиясида қабул қилинган. “Кодекс Алиментариус” – (лотинчада - овқат бўйича қонунлар ёки қонунлар тўп¬лами) ягона шаклда баён этилган озиқ-овқат маҳсулотлари стандартларининг халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган тўп¬ламини ўзида ифодалайди.
– Ушбу стандартни қайси соҳаларга жорий қилиш тез самара бериши мумкин?
– Ўзбекистоннинг “Ҳалол” бозорига кириб боришига ёрдам бериши мумкин бўлган асосий омил – бу халқимизга хос бўлган озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги салоҳиятдир. Хуллас, озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларимизнинг кўплигини инобатга олиб хизматлар экспортини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Бунда мамлакатимизнинг дунё “Ҳалол” бозорига яхши иш ҳақи олиши мумкин бўлган мутахассисларни етказиб бериш имконияти бор.
“ҲАЛОЛ” бозори доирасида Ўзбекис¬тондан озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, консерваланган озиқ-овқатлар, жумладан, болалар учун махсус таомлар, қандолатчилик маҳсулотлари (мураббо, жем, қадоқланган пишириқлар (пирог, кекс кабилар), шарбатлар, шунингдек, дори-дармонлар, масалан, таркибида ислом динида истеъмол қилиш (фойдаланиш,қўллаш) тақиқланган (ҳаром қилинган) моддалар бўлмаган турли дори-дармонлар, енгил саноатда эса эркаклар, аёллар ва болалар пойабзаллари (шу жумладан, ортопедик пойабзаллар), пардоз-андоз буюмлари бўйича таркибида ислом динида истеъмол қилиш (фойдаланиш,қўллаш) тақиқланган (ҳаром қилинган) моддалар бўлмаган турли пардоз-андоз буюмлари (атир, упа, крем, тиш пасталари ва ҳ.к.) ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имкониятлари бўйича устунлик мавжуд.
Ўзбекистондан “Ҳалол” маҳсулотларни экспорт қилиш қулай бўлган мамлакатлар орасида Афғонистон, Марказий Осиё давлатлари, Россия ва бошқа мусулмон мамлакатларини келтириш мумкин.
– Ўтказиладиган тадбир шакли ҳақида тўхталсангиз?
– Тадбир марказимиз томонидан Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази билан ҳамкорликда ўтказилади. Унда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ишлаб чиқарувчи корхоналари мутахассисларидан ташқари, бир қатор хорижий ташкилотлар вакиллари, олимлар ва тадбиркорларнинг иштироки кутилмоқда. Тадбир дастурига кўра, “Ҳалол” савдо белгиси остидаги товарлар бозорини ривожлантириш имкониятларига оид тақдимотлар намойиш этилиши, ҳалол тушунчасининг мазмун-моҳияти, бу борадаги халқаро тажриба хақида сўз юритилиши мўлжалланган. Шунингдек, ҳалол стандартининг назарий ва концептуал асослари бўйича маърузалар қилиниши, ҳалол стандартини жорий этган компаниялардаги амалиёт билан танишув режалаштирилган.
Умуман, кун тартибидаги мавзу “Alternatus”нинг кенг қамровли майдони иштирокчилари бўлган вазирлик ва идоралар, илмий доира, маҳаллий ҳокимият вакиллари, жамоатчилик ташкилотлари, тадбиркорлар бирлашмалари, уларни қўллаб-қувватловчи тузилмалар ходимлари, экспертлар, мулкдорлар, хусусий корхоналар раҳбарлари ўртасида ўзаро қизғин муҳокама қилиниши, унинг якунида эса тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Замира ТОЖИЕВА
суҳбатлашди.

Реквизиты

  • Р/с: 20208000900202634001
  • Ўз СҚБ МАМФ МФО 00442
  • ОКЭД: 58130
  • СТИР: 207178693

Контакты

  • 100066, Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 55-уй
  • (0-371) 239-42-29, 259-21-45
  • (0-371) 259-22-06
  • info@bdm.uz