Colorfrog
2018-06-08 11:36:59

Сўнгги йилларда мамлакатимизда акциядорлик жамиятлари ривожи йўлида талай ташкилий, ҳуқуқий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан акциядорларнинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлмиш дивиденд (жамият соф фойдасининг акциядорлар ўртасида тақсимланадиган қисми) олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.
Унга мувофиқ, дивиденд тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби ҳақидаги қарор ҳар бир турдаги, шу жумладан, имтиёзли акциялар бўйича жамият кузатув кенгашининг тавсиясига мувофиқ молия¬вий ҳисоботнинг ишонч¬лилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда молиявий ҳисобот маълумотлари асосида акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Бундай қарор бўлмаса, жамият дивидендларни тўлашга, акциядорлар эса уларни тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас.
Дивидендларни тўлашда, биринчи навбатда, имтиёзли, сўнгра оддий акциялар инобатга олиниши лозим. Имтиёзли акциялар бўйича қатъий белгиланган дивидендларни тўлаш учун етарли миқдорда фойда мавжуд бўлса-ю, жамият мазкур акцияларнинг эгаларига дивиденд тўлашни рад этса, акциядорлар дивидендлар тўланишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Жамият етарли миқдорда фойдага эга бўлмаган ёки зарар кўриб ишлаётганда имтиёзли акциялар бўйича дивиденд жамиятнинг фақат шу мақсад учун ташкил этилган захира фонди ҳисобидан ва ушбу фонд доирасида тўланиши мумкин.
Бу ерда дивидендларнинг миқдори жамият кузатув кенгаши тавсия этган миқдордан кўп бўлиши мумкин эмаслигига эътибор бериш лозим.
Агар жамият акциядори Ўзбекис¬тон норезиденти ҳисобланса, жамият унинг ёзма талабига асосан, унга ҳисобланган дивидендларни эркин айирбошланадиган валютага айирбошлаб, утақдим этган банк ҳисобварағига ўтказиб бериши шартлиги ҳам қонунда белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, акция эгаси ёки унинг қонуний вориси ёхуд мерос¬хўри томонидан уч йил мобайнида талаб қилинмаган ва умумий йиғилиш қарорига асосан, жамият ихтиёрида қолдирилган дивидендни ундириш бўйича даъво тақдим этилса, судлар даъвони қаноатлантиришни рад этиши лозим. Бироқ Фуқаролик кодексининг 159-моддасига асосан, ўтказиб юборилган муддат тикланган ҳоллар бундан мустасно.
Дивидендлар белгиланган муддатда тўланмаганда акциядор жамиятдан унга тегиш¬ли дивиденд суммасини, шунингдек, Ўзбекис¬тон Марказий банки белгилаган қайта молиялаш ставкалари бўйича пеняни ундириш ҳақида судга мурожаат қилишга ҳақли.
Суд дивидендларни ундириш ҳақида қарор чиқарса-ю, жамият уни тўлашни рад этса, акциядор ёки кредиторнинг аризаси асосида жамият “Банкротлик тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда банкрот деб топилиши мумкин. Ёки бундай ҳолларда жамиятга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўловга қобилиятсизликни бартараф этиш таомили қўлланилади.
Дивидендларни тўлашда чекловлар ҳам мавжуд. Яъни жамият ўз устав фондининг (устав капиталининг) ҳаммаси унинг таъсис этилиши чоғида тўлиқ тўлаб бўлингунига қадар, агар дивидендлар тўланадиган пайтда жамиятда банкротлик белгилари мавжуд бўлса ёки жамиятда шундай белгилар дивидендларни тўлаш натижасида пайдо бўлса, шунингдек, агар жамият соф активларининг қиймати унинг устав фонди ва захира фонди суммасидан кам бўлса, акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда дивидендлар тўлашга ҳақли эмас. Ушбу ҳолатлар тугатилгач, жамият ҳисобланган дивидендларни акциядорларга тўлаши шарт.
Қонуннинг акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ҳақидаги 113-моддасида дивидендлар билан боғлиқ алоҳида норма мавжуд. Унга кўра, жамият акциядорларига тегишли бўлган дивидендлар тўланмаган тақдирда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи мазкур жамият акциядорининг ёки миноритар акция¬дорлари қўмитасининг мурожаати асосида судга жамиятнинг зиммасига ушбу жамият акциядорларига дивидендлар тўлаш мажбуриятини юклатиш тўғрисида даъво тақдим этишга ҳақлилиги белгилаб
қўйилган.
Д. БУТАЕВ,
Қимматли қоғозлар
бозорини мувофиқлаштириш
ва ривожлантириш марказининг
Жиззах вилояти ҳудудий
бошқармаси бош мутахассиси.

Реквизиты

  • Р/с: 20208000900202634001
  • Ўз СҚБ МАМФ МФО 00442
  • ОКЭД: 58130
  • СТИР: 207178693

Контакты

  • 100066, Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 55-уй
  • (0-371) 239-42-29, 259-21-45
  • (0-371) 259-22-06
  • info@bdm.uz