Colorfrog
2018-03-09 12:53:59

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 43 та акциядорлик жамияти фаолият кўрсатмоқда, улар томонидан муомалага чиқарилган акцияларнинг умумий миқдори 493,3 млрд. сўмни ташкил этмоқда.
Ўтган йил давомида бошқарма томонидан “Қувасойшифер”, “Қўқон пахта тозалаш”, “Фарғона шаҳри марказий деҳқон бозори”, “Қўқон нефтгазпармалаш ишлари” ҳамда “Ўзбекистон пахта тозалаш” акциядорлик жамиятларининг жами 18,42 млрд. сўмлик қўшимча акциялари чиқарилуви давлат рўйхатидан ўтказилди.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига асосан, масъулияти чекланган жамиятга айлантирилган “Фарғона вилояти МТПлар бирлашмаси”, “Қўқонмаш”, Фарғона ҳудудий “Автотеххизмат-Ф” ҳамда суд қарорига асосан банкрот деб топилиб, тугатилган “BESH-KRAFT-EX” ҚК шаклидаги акциядорлик жамиятлари ягона давлат реестридан чиқарилди.
Бугунги кунда тегишли қарорга мувофиқ, “Кварц” акциядорлик жамиятининг номинал қиймати 1715 сўм бўлган 4574934 дона, жами 7846011810 сўмлик оддий акцияси мамлакатимиз фонд бозори тарихида илк бор IPO усулида сотиш учун “Тошкент” РФБнинг биржа савдоларига қўйилган.
Шунингдек, “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятининг акцияларини иккиламчи (SPO) оммавий таклиф этиш кўзда тутилган бўлиб, унинг “Ўзнефтегазмаш” АКга тегишли бўлган номинал қиймати 900 сўмлик 186371 дона оддий акцияси сотилиши режалаштирилган. Айни пайтда ушбу оммавий савдони ташкил этиш бўйича сўнгги босқич тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 4 турдаги фаолият бўйича лицензияга эга бўлган “Фарғона вақт” МЧЖ (инвестиция воситачиси ва маслаҳатчиси), “Ишонч ЛТД” МЧЖ (инвестиция воситачиси ва маслаҳатчиси хамда бошқарувчи компания), “Барака” ИФ АЖ (инвестиция фонди) мавжуд.
Бундан ташқари, қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган савдоси ташкилотчиси “Элсис савдо” акциядорлик жамиятининг буюртмаларни қабул қилувчи 2 та шохобчаси ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Ўтган йил якунларига кўра, “Марғилон файз савдо комплекси” акциядорлик жамияти “Тошкент” РФБда “Тузилган битимлар сони бўйича 2017 йилнинг энг яхши эмитенти” номинациясида ғолиб деб топилди.
Бошқарма томонидан акциядорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳисобот даврида жами 129 та ҳолат бўйича ариза ва шикоят ҳамда мурожат келиб тушган. Уларнинг аксариятида дивидендларни ундириб бериш сўралган. Олиб борилган ўрганишлар натижасида фуқаро В.Малаганиева ва бошқаларнинг аризасига кўра, 736 нафар фуқаронинг акцияларга эгалик хуқуқларини ҳимоя қилиб “Қувасойцемент” АЖ акциялари олди-сотди битимларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича вилоят иқисодий судига даъво аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарори асосида даъво талаби қаноатлантирилди. Мазкур ҳолат юзасидан апелляция инстанцияси жараёни ҳам фуқаролар фойдасига ҳал бўлди.
Фуқаролар Х.Мирзавалиева ва бошқаларнинг аризаларига биноан, 173 нафар фуқаронинг манфаати кўзланиб, “Қувасойцемент” АЖдан 885216799 сўм миқдоридаги дивидендни ундириш бўйича иқтисодий судга киритилган даъво аризаси ҳам қаноатлантирилди. Апелляция инстанцияси жараёни ҳам фуқаролар фойдасига ҳал бўлиб, улар дивидендларини олишга муваффақ бўлдилар.
Шунингдек, “Қувасойцемент” АЖдан фуқаро М.Мирзаҳматова ва бошқаларнинг аризаси асосида 208 нафар фуқаронинг 1234799621 сўмлик, фуқаро С.Тойиров ва бошқаларнинг аризалари билан жами 31 нафар фуқаронинг 67602216 сўм миқдоридаги дивидендларини ундириш бўйича иқтисодий судга киритилган даъво аризалари ҳам тегишлича қондирилди.
Бундан ташқари, 21 та ҳолатда “Фарғонапахтасаноат” ХАБ, “Қува пахта тозалаш” АЖ, “Бағдод пахта тозалаш” АЖ, “Риштон пахта тозалаш” АЖ, “Ўзбекистон пахта тозалаш” АЖ, “Бешариқ пахта тозалаш”АЖ, “Қўқондонмаҳсулотлари” АЖдан акциядорларга тегишли бўлган 21012371 сўмлик дивидендлар ундириб берилди.
Умумий ҳисобда йил давомида акциядорларга 2,294 млрд. сўмлик дивидендларни ундириб беришга муваффақ бўлинди.
Фуқароларга қулайлик яратиш хамда уларнинг соҳага оид муаммоларини вақтида ҳал қилиб бериш мақсадида бошқармада ишонч телефони ташкил этилган бўлиб, унга тушган 6 та мурожаатда кўрсатилган муаммоларга ҳам ечим топилди.
Бошқармада ҳар ҳафтанинг жумасида очиқ эшиклар куни ўтказиб келинмоқда. Ўтган йил давомида 15 марта уюштирилган бундай тадбирда 22 нафар фуқаронинг саволлари ва муаммоларига керакли тушунтириш, тавсия ва маълумотлар берилди.
Жорий йилда ҳам қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш учун фонд бозори қатнашчиларига зарур шарт-шароитлар яратиш, акциядорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Мақсуджон Кенжаев,
Қимматли қоғозлар бозорини
мувофиқлаштириш ва ривожлантириш
марказининг Фарғона вилояти ҳудудий
бошқармаси бошлиғи.

Реквизиты

  • Р/с: 20208000900202634001
  • Ўз СҚБ МАМФ МФО 00442
  • ОКЭД: 58130
  • СТИР: 207178693

Контакты

  • 100066, Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 55-уй
  • (0-371) 239-42-29, 259-21-45
  • (0-371) 259-22-06
  • info@bdm.uz