Colorfrog
2018-10-17 09:26:00

Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун барча қулай шароитлар яратилмоқда. Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида уларнинг ҳуқуқлари имтиёзлар, енгилликлар тақдим этиб борилмоқда. Берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб фаолиятини кенгайтираётган, янги иш ўринлари яратаётган тадбиркорларнинг сони кундан кунга кўпаймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелига қадар якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) мақомини йўқотган жисмоний шахслар ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ёки фаолиятини вақтинча тўхтатган ЯТТнинг мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар ҳамда молиявий жарималар бўйича қарздорлиги ҳисобдан чиқарилаётганлигидан, яъни давлат томонидан тадбиркорнинг қарзидан кечилаётганлигидан хабарингиз бор.
Айтиш жоиз, бундай жараён давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фао­лияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга ҳам татбиқ этилмоқда.
Кичик бир шарти шуки, бундай имтиёз 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда татбиқ этилмоқда. Яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, сиз тадбиркорлик фаолиятингизни қайта йўлга қўясиз, эвазига эса сиздаги мавжуд қарздорликлар ҳисобдан чиқарилади.
Фармон мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, тадбиркорларга етказиш, уларнинг фаолиятини тиклаш ёки қайта рўйхатдан ўтказиш юзасидан ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишда давлат солиқ бошқармалари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда Фарғона вилоятида қатъий белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлай олмай тадбиркорлик мақомини йўқотган ёки фаолиятини вақтинча тўхтатган 6 мингдан ортиқ ЯТТ мавжуд, уларнинг давлат бюджетидан 14 миллиард сўмдан ортиқ қарздор эканликлари ҳисоблаб чиқилди. Бошқарма томонидан солиқ имтиёзлари орқали тадбиркорлар фаолиятини қайта йўлга қўйиш юзасидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари натижасида шу кунгача 200 дан ортиқ ЯТТнинг тадбиркорлик фаолияти рўйхатга олиниб, уларнинг аввалги қарздорликлари белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилди.
Ана шундай тадбиркорлардан бири, қўқонлик Фарҳод Маҳмудовнинг 137 миллион сўмдан ортиқ қарзи жорий йилнинг 7 августида тадбиркорлик фаолиятини тиклаши натижасида ҳисобдан чиқарилди.
– Олти йилдан буён давлатдан солиқлар ва молиявий жарималар бўйича 137 миллион сўмдан ортиқ қарзларимни тугатиш масаласини ечолмай юрган эдим, – дейди Ф. Маҳмудов. – Ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзларни эшитиб жуда хурсанд бўлдим, давлат солиқ идоралари ходимлари билан маслаҳатлашиб, тадбиркорлик фаолиятимни тикладим. Шундан сўнг 137 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзларим ҳисобдан чиқарилди. Албатта, мен бундан бағоятда миннатдорман, янги лойиҳалар ишлаб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтиришни, қўшимча иш ўринлари яратишни режалаштиряпман.
Албатта, бундай имкониятлар юртимизда тадбиркорлар сафининг кенгайиши, қўшимча иш ўринлари яратилиши, импорт ҳажмини камайтириб, экспорт миқдорининг ортишига ва якунда, албатта, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилади. Зеро, шуни таъкидлаш лозимки, солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкоридир.
Афсуски, мамлакат иқтисодиётининг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшишдан кўра ўзининг чўнтагини қаппайтиришни ўйловчи “тадбиркор”лар ҳам учраб турибди.
Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан икки кун давомида республика бўйича ўтказилган назорат тадбирларида ноқонуний савдо ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришга оид 36 та қонунбузилиш ҳолат аниқланди. Уларда жами 1,1 млрд. сўмлик ноқонуний товарлар фош этилди.
Хусусан, ўтказилган назорат тадбирларида Тошкент шаҳрида 4 ҳолатда 597 млн. сўмлик, Фарғонада 1 ҳолатда 60,6 млн. сўмлик, Андижонда 6 ҳолатда 50 млн. сўмлик, Жиззахда 1 ҳолатда 10,1 млн. сўмлик, Бухорода 2 ҳолатда 4,5 млн. сўмлик, Самарқандда 2 ҳолатда 4,6 млн. сўмлик, Навоийда 18 ҳолатда 3,7 млн. сўмлик, Тошкент вилоятида 3 ҳолатда 2,1 млн. сўмлик ноқонуний товарлар аниқланди.
Аниқ мисолларга тўхталсак, Самарқанд вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқаро Т.Муҳитдиновга тегишли умумий қиймати 2,2 млн. сўм ва фуқаро Н.Истатовга тегишли умумий қиймати 2,4 млн. сўм бўлган тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Фарғона вилоятида ўтказилган назорат тадбирлари давомида фуқаро А.Қодиров ҳеч қандай ҳужжатларсиз Қўқон савдо мажмуасида савдо фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, ҳуқуқбузарнинг 60,6 млн. сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган товарлари савдосига нуқта қўйилди.
Шу билан бирга, Давлат солиқ қўмитаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳридаги “Жомий” савдо мажмуасида ўтказилган назорат тадбирларида фуқаролар А.Саидакбаров ва О.Султонов ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланаётганлиги маълум бўлди. Ҳуқуқбузарларнинг жами 500,6 млн. сўмлик ноқонуний товарлари вақтинча олиб қўйилди.
Шунингдек, Ургут тумани Жартепа маҳалласида жойлашган савдо дўконида фуқаро А.С. давлат рўйхатидан ўтмасдан алкоголь ва салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланган. Фуқародан 6 миллион 799 минг 300 сўмлик маҳсулотлар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
– Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорларнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида доимий равишда профилактик суҳбатлар ўтказиб келинмоқда, – дейди бошқарма вакили Шамил Муталибов. – Биргина жорий йил октябрь ойига қадар рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган 15 нафар тадбиркор аниқланди.
Албатта, тадбиркорлар шуни унутмасликлари лозимки, бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти билан қонуний шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар учун барча имкониятлар мавжуд. Юқоридаги каби ноқонуний фаолиятларнинг олдини олиш эса доимий назоратда.
Ўз мухбиримиз.

Реквизиты

  • Р/с: 20208000900202634001
  • Ўз СҚБ МАМФ МФО 00442
  • ОКЭД: 58130
  • СТИР: 207178693

Контакты

  • 100066, Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 55-уй
  • (0-371) 239-42-29, 259-21-45
  • (0-371) 259-22-06
  • info@bdm.uz